ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. “Ўзбекэнерго” ва Кореянинг давлат энергетика компанияси КЕРСО Ўзбекистонда электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини автоматик равишда жамловчи SCADA тизимини ишга тушириш бўйича лойиҳа амалга оширишни режалаштирган, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ушбу мавзудаги музокаралар бугун Жанубий Кореяда бўлиб ўтди. Уларда, шунингдек, Ўзбекистонда EMS — энергетика тизимини бошқариш тизимини жойри этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бунинг учун энергетика объектларида таалуқли ахборот технологияларини замонавийлаштириш талаб этилар экан.
Учрашув натижасида “Ўзбекэнерго” АЖ раиси ўринбосари Шуҳрат Шералиев ва КЕРСО вице-президенти Хуанг Риол Лю ўзаро ҳамкорлик борасида шартнома имзолашди. Шартнома, дастлаб Ўзбекистон энергетика тизимини ўрганиш ва диспетчерлик бошқарув тизимида тажриба алмашишни назарда тутган.
Ўзбекистон энергетика тизимини замонавийлаштиришда SCADA ва EMS тизимларини жорий қилишни молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки, Халқаро ривожланиш ва тараққиёт банклари билан ҳамкорлик қилиш ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергиясидан фойдаланиш йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, 2000 йилда бир оила бир ойда ўртача 114 кВт/соат энергия харажат қилган бўлса, 2016 йилга келиб ушбу кўрсатгич 35%га ошган ва 160 кВт/соатни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2025 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқариш салкам 20 %га ошириш режалаштирилган. Ушбу ўсиш асосан қайта тикланадиган энергия манбааларига асосланган бўлиб соҳанинг энергия харажатлари йилига 8-10 %га камайтириш ҳам кутилмоқда.