ТОШКЕНТ, 18 ноя – Sputnik. Сирдарё вилояти ва Қозоғистоннинг Акмола вилояти ўртасида қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди. Бу ҳақда Акмола вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Акмола вилояти ҳокимлигида Сирдарё вилояти ҳокимлигининг расмий делегацияси билан учрашув ўтказилди.
Томонлар икки вилоят ўртасида иқтисодиёт ва савдо, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолади.
Вилоят тадбиркорлик ва саноат бошқармасининг маълумотига кўра, 2017 йилнинг январь-август ойларида Акмола вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 44 524,7 минг долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45,3 фоизга кўпдир (2016 йил январь-август ойлари — 28 778,5 минг доллар).