ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Тбилисида Ўзбекистон ва Грузия Ташқи ишлар идоралар делегациялар ўртасида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига асосан.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда давлатлараро ҳамкорлик қилиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Шунингдек, Грузия томонига БМТнинг Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон президентининг нутқидаги дастурлар ва Самарқандда бўлиб ўтган "Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусида халқаро анжуманида кўрилган асосий масалаларнинг мазмун моҳияти етказилди.
Эслатиб ўтамиз, Нью-Йоркда жорий йил сентябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтган.
Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдорлиги ҳамда Грузия Ўзбекистондан мева-сабзавотлар харид қилиш, виночилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш истагида эканлиги таъкидланганди.