ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда 2018 йил 1 январдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Бу борада Ўзбекистон президентининг тегишли фармони эълон қилинди.
Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади. Бунда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчилар тоифасига қараб энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан ўн бараваригача миқдорда тўлов ундирилади.
Ушбу фармон сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида чиқарилди.
Хусусан, водопровод ва канализация тармоқлари, сув таъминоти объектларининг эскирганлиги, кўпчилигидан қирқ йилдан ортиқ фойдаланилиши, шунингдек, уларни янгилаш ва модернизация қилиш суръатининг пастлиги жойларда кўплаб исрофгарчилик ва аварияларга, сувни етказишда катта йўқотиш ҳамда узилишларга олиб келмоқда.
Бундан ташқари, водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари ходимларининг касбга тайёргарлик даражаси паст, малакали кадрлар тизимдан чиқиб кетган, ушбу соҳадаги ходимлар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари мавжуд.
Эндиликда сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шуғулланади.
Бюро шунингдек, сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган сув ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш ҳуқуқига эга бўлди.
Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 2017 йил 1 декабрга қадар муддатда шу йил 1 ноябрь ҳолатига сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг шахсий рўйхатини, жумладан, истеъмолчи – юридик шахслар билан қарздорликни таққослаш бўйича мавжуд далолатномаларни Бюрога тақдим этиши белгиланди.
Икки ой муддатда тегишли функцияларнинг Бюрога ўтказилиши ҳисобга олинган ҳолда "Сувоқова" ва "Сувсоз" давлат унитар корхоналарининг назоратчи штат бирликлари қисқартирилади.