ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Давлат органлари ва ташкилотлари 2022 йил 1 январдан марказлаштирилган иссиқ сув таъминотидан узиб қўйилади. Бу Ўзбекистон Республикаси президентнинг 8 ноябрдаги "Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Шуни инобатга олган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотлари бино ва иншоотларида қуёш сув иситгич қурилмалари ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампаларни ўрнатиш босқичларини белгилаш тўғрисида топшириқ берилмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва энергия тежамкор лампаларни турар ва нотурар жойларда босқичма-босқич жорий этиш бўйича комплекс дастур қабул қилинади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан иссиқ сув таъминоти учун қуёш сув иситгич қурилмаларининг жорий этилиши ва фойдаланилиши натижасида иситилмайдиган даврда (апрель-октябрь) иситиш станциялари томонидан табиий газ истеъмоли ҳажми деярли 10 миллион куб метр ёки 2,5 миллиард сўмга қисқаради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, "Энергия тежаш миллий компанияси" АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар муддатда амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини уларнинг қайта кўриб чиқилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаган ҳолда танқидий ўрганиб чиқиш топширилган.