TOШКЕНТ, 23 август — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда uzbekistan24.uz хабар қилмоқда.
Қарорга мувофиқ, "Энергия тежаш миллий компанияси" акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унга давлат органлари ва ташкилотларида энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг қилиш, давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни амалда жорий этиш ҳамда товарлар (ишлар, хизматлар) таннархини пасайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва энергия ресурслари учун харажатларни қисқартириш ҳисобига бюджет ҳамда ўз маблағларини тежаш каби вазифалар юклатилди.
"Энергия тежаш миллий компанияси" акциядорлик жамияти давлат органлари ва ташкилотларида энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди.
Қарорнинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинади.