ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкентдаги Ислом университетида пайшанба куни ўтказилган Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов ўзбек халқи азалдан бағрикенг ва меҳмодўст бўлиб келганини қайд этди.
Қадимда Ўзбекистон заминида яшаган миллатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўю-маракада ҳам кўпмиллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору-ҳамжиҳат бўлиб яшашган. Бугун ҳам ушбу анъаналаримиз давом этиб келмоқда", — деб қайд этди ўз нутқи давомида муфтий.
Усмонхон Алимов, шунингдек, яқинда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмайди, дея Ўзбекистондаги тинчликни таъминлашдаги ишларни эътироф этиб кетганлигини маълум қилди.
"Бундай ахилликнинг асосий сабаби, мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад — Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидадир", — деди муфтий.
Усмонхон Алимов ўз нутқи якунида хулоса ўрнида "Ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъий назар, аввало уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли вазифамиз бўлади", — дея таъкидлади.