ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов "Ўзбекистон ёшлар Иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришга имтиёзлар бериш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига имзо чекди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори билан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи тизимида кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи, табиий етакчилик қобилиятини намоён этган, ватанпарвар, юрт келажагига дахлдорликни ҳис қиладиган, меҳнатсевар ва бошқа инсоний фазилатлар эгаси бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.
Эндиликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиниш имконини берадиган тавсияномалар берилади.
Тавсияномалар Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи тизимидаги сардорларга, бошланғич ташкилотлардаги йўналиш етакчиларига, икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи ёшларга берилади.
"Тавсияномаларга эга бўлган ёшлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинади", — дейилган ҳужжатда.
Тавсияномалар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бир нафардан (жами 14 нафар) ёшларига тақдим этилади.
Танловларни тўғри ва адолатли ўтказишга тегишли туман (шаҳар), ҳудудий ҳамда республика комиссиялари масъулдир, дейилган қарорда.
Республика комиссиясига бир ой муддат ичида номзодларни баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилган.