ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. "Sen Yolg"iz Emassan" фонди "Умид ришталари" француз уюшмасининг болалар кардиожарроҳлари билан биргаликда Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва кам таъминланган оила фарзандларига жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш хайрия акциясини давом эттирмоқда.
Академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида француз кардиожарроҳлари томонидан Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги кам таъминланган оила фарзандларидан 9 нафар болага бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилмайдиган мураккаб жарроҳлик операциялари бажарилиб, 45 нафар бола тиббий кўрикдан ўтди.
Операциялар бир ёшдан 13 ёшгача бўлган болаларда ўтказилди. Қашқадарёлик 3 ёшли М.Жомурадова мазкур хайрия акцияси доирасида иккинчи маротаба операция қилинди, жарроҳлик амалиётининг илк босқичи қизалоққа 2016 йилнинг сентябрида ўтказилган эди.
"Барча болажонлар тезда соғайиб кетишларини тилайман", деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
У шунингдек, мазкур акцияда иштирок этган шифокорлар — профессор Оливье Барон бошчилигидаги француз кардиожарроҳлар гуруҳига, академик В. В. Вохидов номидаги Жарроҳлик марказининг шифокорларига юксак касбий маҳоратлари ва ҳар бир болажонга алоҳида кўрсатилган ғамхўрликлари учун миннатдорлигини изҳор этган.