ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. "Sen Yolg'iz Emassan" Фондининг "Умид ришталари" француз уюшмаси билан ҳамкорлиги доирасида ота-она қарамоғисиз қолган ва кам таъминланган оилалардан 37 нафар болага жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Бу ҳақда Фонд асосчиси Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
"Нант, Франция. Бу гўзал шаҳарни "Sen Yolg'iz Emassan" фондимиз билан эзгулик ришталари боғлайди. Ҳозирда Нант шаҳридаги клиникалардан бирида бизнинг жажжи ватандошларимиз операциядан сўнгги муолажа жараёнини ўтмоқдалар. Қорақалпоғистонлик 8 ойлик Бердахов Умиджонга ва хоразмлик 9 ёшли Абдуллаев Алибекка ўтган ойнинг сўнгида бу ерда мураккаб юрак операциялари бажарилган эди", деб ёзади у.
Маълум қилинишича, мазкур акция "Sen Yolg'iz Emassan" Фондининг "Умид ришталари" француз уюшмаси билан биргаликдаги туғма юрак нуқсони билан хасталанган болаларга тиббий ёрдам бериш мақсадида еттинчи маротаба амалга оширилаётган акциясидир.
Лола Каримова-Тиллаева Нант Педиатрия клиникасига, шахсан профессор Оливье Барон ҳамда унинг ҳамкасблари анестезиолог Ариан де Виндт, реаниматолог Жан Мишель Лиет, кардиолог Надир Бенбрик, перфузиолог Луи Мерин ва реанимацион ҳамшира Лоренс Домителларга ўз миннатдорлигини билдирган.