ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қўшкўл қишлоғи ҳудудида ўтказилган рейд давомида фуқаро Абдумурод Ибатов 54 туп ноёб, бир неча юз йил яшайдиган Зарафшон арчасини ўзбошимчалик билан кесиб, қурилаётган хусусий савдо дўкони омборхонаси томини ёпишга ишлатгани аниқланди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида А.Ибатов ўз айбига иқрор бўлмасдан устунлар эски эди, уларнинг 32 тасини бир неча йил илгари қишлоқдошим Э.Хушвақтовнинг молхонаси бузилган пайтда чиққан ёғочлар орасидан олганман, деб туриб олган. Бироқ экспертлар ноёб арча дарахти янги кесилганини қайд этишган.
Ўзбошимча дўкондорнинг айби тўпланган бошқа бир қатор далиллар орқали ҳам ўз исботини топган.
Суд ҳукми билан А.Ибатовга икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, аммо амнистия сабаб, у тайинланган жазодан озод этилди.
Арчалар кесилиши оқибатида етказилган зарар айбланувчидан ҳудудий Биоинспекция ҳисобига ундириладиган бўлди.