ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Қорақалпоғистон республикаси Қўнғирот тумани МХХ бўлими туман ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда махсус операцияни амалга оширишди, натижада йирик ҳажмдаги ондатра терилари контрабандасининг олди олинди, деб хабар қилди Ўзбекистон МХХ матбуот-хизмати.
Ондатра — мўйна тайёрлашда фойдаланиладиган асосий жониворлардан бири ҳисобланади. Сифатли териси учун юқори баҳоланади.
Ҳайвон териси жуда қалин, ҳурпайган бўлгани учун, сув ўтказмайди. Шу боис ҳам "қора бозор" контрабандачилари орасида унга бўлган талаб ўта юқори.
Шу тариқа, Қўнғирот туманида истиқомат қилувчи, вақтинча ишсиз Нуратдин Умирзоқовнинг турар-жойи Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан кўздан кечирилганда, 1159 дона ондатра терилари борлиги аниқланган. Хабар қилинишича, жониворлар Қўнғирот туманидаги Судочье кўлидан браконьерлик йўли орқали овланган.
Шунингдек, Умирзоқов ўғли Нурсултон Баймурзаевни ҳам ушбу ноқонуний ишга жалб қилгани аниқланган. Умирзоқов контрабанда товарни ўз акаси — Қозоғистон республикаси фуқароси Низаматдин Умирзоқовга сотишни режалаштирган.
Браконьерлар ўз ҳатти-ҳаракатлари билан регионнинг экологик хавфсизлигига жиддий хавф етказишган.
Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига мувофиқ, етказилган зарар миқдори — 858 миллион сўмни ташкил қилади.