ТОШКЕНТ, 7 ноя — Спутник. Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари Ўрта Осиёда ривожланиш ва хавфсизликни таъминлашга бағишланган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусида бўлиб ўтадиган анжуманда 500 дан ортиқ халқаро делегация вакиллари иштирок этади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ.
Самарқанд анжумани — минтақа хавфсизлиги ва тараққиётига бағишланган. Унда Ўрта Осиё давлатлари орасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини ошириш, тараққиёт бўйича ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.
Ундан ташқари, анжуманда юқорида айтиб ўтилган ишларни амалга оширишда ҳамда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг ўрни муҳокама қилинади.
Анжуман Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўрта Осиёдаги БМТнинг Превентив дипломатия маркази ҳамда БМТ Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш марказларининг ҳудудий бўлимлари томониан ташкил қилинган.
“Йирик халқаро тадбир ишида 500 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ва Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитатсиядан ўтган дипломатик корпус аъзолари қатнашади”, – дейилган Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Форум дастурига мувофиқ, БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Европа комиссари Невен Мимитса, ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарларианжуманда нутқ сўзлашади.
Шунингдек, конференсияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Эрон, Афғонистон, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича катта директори Лиза Кёртис ва хорижий мамлакатларнинг бошқа расмий вакиллари сўзга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёни осойишталик, барқарор тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш Ўзбекистон президенти томонидан ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб ҳам фикр билдирган эди. Ушбу анжуман Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган муҳим амалий қадам бўлади.