ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти фармони билан "Ўзфармсаноат" концерни тугатилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Шу билан бирга, Агентлик дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлашни, фармацевтика корхоналарини тегишли ишлаб чиқариш амалиёти халқаро қоидаларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "O‘zmedeksport" давлат корхонаси "O‘zmedimpeks" давлат унитар корхонаси этиб қайта номланиб, Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. Бунда "O‘zmedimpeks" Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди, шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича агенти ҳисобланади.