ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда масжидларда азон айтиш вақтида яна овоз кучайтиргичлардан фойдаланилмоқда, деб хабар берди РИА Новости маҳаллий ОАВларга таяниб.
Тошкентнинг қатор туманларидаги масжидларда муаззинлар азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтишмоқда. Маҳаллий ОАВларнинг маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда охирги ўн йил давомида фуқароларнинг мурожаатлари туфайли азон фақатгина ибодат қилгани келганлар эшитадиган тарзда масжид ичида айтилган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги баъзи масжидларда ҳам азон овоз кучайтиргичлар орқали айтилаётганлигини маълум қилишган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси РИА Новостига азонни овоз кучайтиргич орқали айтиш ҳукумат томонидан расман тақиқланмаганлигини билдирган.
Ўзбекистонда аҳолининг 94 фоизи ислом динига, 3,5 фоизи православ христиан динига, қолган қисми эса бошқа динларга эътиқод қилади. Ҳозирда мамлакатда 2037та масжид фаолият кўрсатади.