ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Уч ёшга эндигина тўлган ўзбек қизи Марям АҚШда ўтказилган Қуръони Карим мусобақасида 2-ўринни қўлга киритди, деб хабар берди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллиги azon.uzга таянган ҳолда.
Унда 2 ва 18 ёш оралиғидаги болалар ва 18 ёшдан баланд катталар ҳам иштирок этиб, ўз билимларини синаб кўришди. Мусобақа иштирокчилари ёшларига қараб бир нечта гуруҳга ажратилган ҳолда синовдан ўтишди. Яъни, кичироқ ёшдаги болалар кичикроқ, каттароқ ёшдагилари эса каттароқ суралар бўйича ва савол-жавоблар билан синалади. 14 октябрда ушбу бўлиб ўтган мусобақа натижалари эълон қилиниб, ғолиблар тақдирландилар.
Маълум бўлишича, Вашингтон штатида бўлиб ўтган ушбу беллашувда бу сафар жажжи ўзбек қизалоғи Марям ҳам иштирок этиб, 5 ёшгача бўлган қарийб 30 нафар иштирокчи ичидан 100 дан 98 балл билан 2-ўринни қўлга киритди.
Марямнинг ота-онасининг айтишича, Марям ҳайъат аъзоларини ўз билими билан лол қолдирган. Марям ўзининг бу ютуғи билан Редмонд масжиди имоми бўлмиш Имом Набеэлнинг олқишига сазовор бўлган.
Мантиқ, математика, география, ва анатомияни жуда яхши кўради. Ҳозирда эса математика, инглиз тилида ўқиш ва ёзиш жиҳатидан билими 2-синф даражасида. Мантиқий фикрлаш, тафаккур қилиш ва суҳбатлашиш доираси 10-12 ёшларникига тенг. Яқинда у яна араб, турк ва рус тилларини ҳам ўрганишни бошлади. Марямнинг космос, қуёш, планеталар ва юлдузларни ўрганишга бўлган қизиқиши ва меҳри алоҳида. Қизимизнинг зеҳни ўткир. Ҳар бир янги маълумотни 1-2 марта эшитишидаёқ дарров зеҳнига қуйиб олади. Унинг хотираси ҳам жуда кучли бўлиб, Қуръоннинг ҳар битта оятини 3-4 марта такрорлагандаёқ тўлиқ ёдлай олади. Келажакда ҳофизу Қуръон, доктор ва катта олима бўлишни истайди", дейди Марямнинг ота-онаси.