ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Хаитов бошчилигидаги делегация 12 ноябрга қадар ташриф билан Корея Республикасида бўлади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон фуқаролари учун ажратиладиган квоталарни кўпайтириш, Ўзбекистон фуқаролари томонидан ноқонуний йўллар билан бориш ва иш жойларини ташлаб кетиш даражасини пасайтириш учрашув ва музокараларнинг муҳим мавзулари саналади.
Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбекистонга Корея иқтисодиётининг бошқа тармоқлари учун квоталар ажратилиши, Корея ҳудудида Ўзбекистон фуқароларининг ноқонуний яшаши масалаларини ҳал этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги, Кванжу хорижий ишчиларни қўллаб-қувватлаш маркази, Корея тараққиёт институти, Хоннам Ким Ён Се касб-ҳунар билим юрти раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Делегация аъзолари Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти билан танишадилар, Корея бандлик ва меҳнат вазирлиги, Корея президенти ҳузуридаги аҳоли бандлиги қўмитаси раиси, Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари, Сеулдаги йирик иш берувчилар билан тақдимотли учрашувлар ўтказиш ҳамда Сеулда жойлашган меҳнат мигрантлари учун ётоқхоналарни бориб кўриш делегация ташриф дастуридан ўрин олган.
Маълумот берилишича, айни пайтда Кореяда 17 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.