Кореяга ишга кетишни хоҳлаганларни имтиҳон қилиш шартлари маълум қилинди

© Foto : InSapphoWeTrustГород Сеул
Город Сеул - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Кореяда ишлашни истаганлар биринчи навбатда янги ташкил этилган "Комплекс тест маркази"нинг www.ckt.uz сайтида рўйхатга ўтиши ҳамда жетон олиш учун топшириладиган имтиҳон куни ва сеансини танлаши керак бўлади. Ушбу сайт фақатгина Ўзбекистон ичида очилади

ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. 6 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан "Комплекс тест маркази" очилиши олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Кореяга ишга кетишни хоҳлаганларни рўйхатга олиш ва имтиҳон қилиш шартлари маълум қилинди, деб хабар қилмоқда "Халқ сўзи" нашри.

Тақинчоқ - Sputnik Ўзбекистон
Жанубий корея Тошкентда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи корхона очмоқчи
Шартларга кўра, Кореяда ишлашни истаганлар биринчи навбатда янги ташкил этилган "Комплекс тест маркази"нинг www.ckt.uz сайтида рўйхатга ўтиши ҳамда жетон олиш учун топшириладиган имтиҳон куни ва сеансини танлаши керак бўлади. Ушбу сайт фақатгина Ўзбекистон ичида очилади.

Жетон учун имтиҳон куни банд қилинганидан сўнг имтиҳон топширувчи "Комплекс тест маркази"га бориб, рўйхатдан ўтади ва 87 500 сўм миқдоридаги пулни тўлаб, компьютер орқали тестдан ўтади.

Саволлар матн ва аудио тестлардан иборат бўлиб, уларнинг сони жами 30 тани ташкил этади. Имтиҳон учун 40 дақиқа вақт берилади. 40 дақиқа тугагач, автомат равишда имтиҳон тўхтатилади.

Тест натижалари бўйича номзодлар рейтинги тузилади. Бунда берилган 40 дақиқадан қанча олдинроқ имтиҳон топшириб бўлиниши муҳим аҳамиятга эга. Дейлик, имтиҳон саволларига 20 дақиқа ичида тўлиқ жавоб берган одам 40 дақиқада барчасини тўғри ечгандан кўра олдинги ўринларни эгаллайди.

КТМ тестини топшириш учун тўланган пул қайтарилмайди.

Имтиҳон топшириб бўлгандан кейин дарҳол унинг натижаларини билиш мумкин. Рейтингдаги ўринни эса тест топширилгандан 10 кун кейин Агентлик расмий сайтидаги шахсий кабинети орқали билиш мумкин.

Турли сабабларга кўра КТМ имтиҳон натижаларидан қониқмаганлар 20 кун ичида апелляцияга беришлари мумкин. Аппеляцион аризани фақатгина имтиҳон топширган шахс бериши мумкин.

КТМ имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганлар рейтинг асосида EPS-TOPIK имтиҳонида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан биргаликда, EPS-TOPIK имтиҳонларини ўтказиш шартлари ҳам ўзгарган. Эндиликда EPS-TOPIK имтиҳон малака тестини ҳам ўз ичига олади. Яъни, тест савол-жавобларидан кейин кореялик мутахассислар суҳбатидан ўтиш талаб қилинади.

"Комплекс тест маркази" — мустақил ташкилот бўлиб, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси 138-уйда жойлашган. Мўлжал: Республика Қон қуйиш маркази, "Азия Ташкент" меҳмонхонаси. Жамоат транспортлари: №38, 40, 57, 58, 126, 132-автобус йўналишлари.

Зарубежные страны: Южная Корея - Sputnik Ўзбекистон
Кореяда ишлашни хоҳловчилар тест топширади ва махсус синов жараёнидан ўтади
Марказга рўйхатдан ўтиш учун хоҳлаган пайтда, бироқ тестдан ўтиш учун банд қилинган вақтдан 60 дақиқача олдин бориш лозим. Имтиҳон залига тест бошланишидан 30 дақиқа олдин киритиш бошланади.

Имтиҳонга электрон қурилмалар, ҳар қандай канцелярия маҳсулотлари, китоблар, луғатлар, блокнотлар олиб кириш тақиқланади. Савол-жавоб вақтидан ўриндан туриш, гаплашиш ва бошқа ортиқча ҳаракатларни қилиш мумкин эмас. Ҳар бир стол атрофи тўсиқ билан ўралган бўлиб, юқорига кузатув камераси ўрнатилган.

КТМ имтиҳони учун рўйхатдан ўтиш 7 ноябрдан, имтиҳонлар эса 13 ноябрдан бошланади.

Янгиликлар лентаси
0