ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов ҳайкали очилиши муносабати билан Жиззах шаҳрига бўлган ташрифи давомида Жиззах мусиқали драма театрини бориб кўрди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоят мусиқали драма театри Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган эди.
Театрда кенг кўламли ва юқори савияли таъмирлаш ишлари ўтказилган. Хусусан, театр биносининг олд қисмига замонавий қопмала ва витраж ўрнатилди, йўлакларга керамик плиталар ётқизилди, бино олдида фусункор фаввора, яшил майсазор барпо этилиб, ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилган.
Шунингдек, театрнинг иситиш тизими, ҳаво алмаштириш, электр, ичимлик суви тармоқлари янгиланди, 550 ўринли томоша залидаги ўриндиқлар, саҳнани ёритиш, овоз кучайтириш ускуналари янгисига алмаштирилди, грим хоналарида зарур шарт-шароит яратилди.
Шавкат Мирзиёев театр биноси билан танишар экан, ушбу замонавий санъат даргоҳи Шароф Рашидовнинг қутлуғ таваллуд санаси нишонланаётган кунда Жиззах вилояти халқига катта туҳфа бўлганини таъкидлади.
“Мазкур санъат кошонаси фаолиятини вилоятнинг олис туманларида яшовчи одамлар ҳам сезиши керак. Бунинг учун театр ижодий жамоаси салоҳиятини юксалтириш, унинг фаолиятига янги ижодкорларни жалб қилиш, бугунги замон даражасидаги саҳна асарларини қўйиш устида ишлаш зарур. Шу орқали одамларнинг театрга қизиқишини ошириш, уларнинг маънавиятини тарбиялаш лозим”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Театр жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ижодкорлар учун 7 қаватли уй-жой қуриш, актёр ва режиссёрларнинг малакасини ошириш, театрдаги ижодий муҳитни вилоятдаги мусиқа ва санъат мактабларига ҳам ёйиш каби масалаларида ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.