ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси махсус планшетлар ёрдамида реал вақт режимида фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича лойиҳани ишга туширди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бугунги кунга келиб пойтахтнинг турли туманларида ўнлаб милиционерлар ана шундай планшетлар билан таъминланди. Планшетларга турли махсус дастурлар ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида фуқаронинг шахсини аниқлаш, бармоқ изларини олиш, навбатчи қисм билан боғланиб керакли маълумотларни етказиш мумкин.
"Бу янгилик ҳужжати йўқ фуқаронинг шахсини уни бўлимга олиб бормасдан аниқлаш имкониятини беради. Планшет ёрдамида унинг шахси бир неча дақиқа ичида аниқланади. Сўнгра керакли чора кўрилади. Агарда фуқаро масалан илгари судланган бўлиб, Чилонзорда яшаса ва тунги соат учда Бектемир туманида юрган бўлса, унга нисбатан мантиқий саволлар пайдо бўлади", — деди ИИББ подполковниги Азиз Султонов брифинг чоғида.
Пойтахт ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг айтишича, ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур жараённинг барча нозик жиҳатларини ўрганишмоқда.