ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Тошкентга расмий ташриф билан келган Россия бош вазири Дмитрий Медведев ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашди.
Россия ҳукумати раиси ўзаро муносабатлар барча идоралар бўйича ривожланаётганлигини таъкидлади.
"Энг асосийси, булар шунчаки муносабат, шунчаки суҳбатлар эмас, улар аниқ келишувларга айланмоқда. Бугун дарҳақиқат улкан ҳужжатлар тўплами имзоланади", — деди Медведев учрашув давомида.
У Ўзбекистон пойтахтидаги ажойиб об-ҳавони ҳам эътироф этди.
"Бизни том ва кўчма маънода илиқ кутиб олганингиз учун раҳмат! Мамлакатларимиз ўртасида ҳақиқатан ҳам илиқ ва дўстона муносабатлар мавжуд… Тошкентда ҳаво жуда илиқ, ҳаттоки менимча ноябрда бўладиган ҳароратдан кўра анча илиқ. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги муносабатлар руҳини ҳам ифодалайди деб умид қиламан", — деб қўшимча қилди Медведев.
Ўз навбатида Арипов Россия бош вазирига Ўзбекистон ва Россия муносабатларини ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишлари учун миннатдорлик билдирди.
"Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ўзаро ҳурмат, ишончга асосланган", — қайд этди Ўзбекистон бош вазири. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президентининг Россияга амалга оширган сафари "Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди".
"Бугунги учрашув ва бугун имзоланадиган ҳужжатлар албатта иқтисодиётларимизнинг янада ривожланиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам ривожланишига хизмат қилади деб ўйлайман", — деб таъкидлади Арипов.