ТОШКЕНТ, 2 ноя – Sputnik. Ички ишлар органлари ходимлари бир неча нафар аёлларни фоҳишалик билан шуғулланиш учун Туркияга юбормоқчи бўлганли аёлни қўлга олиш борасида тезкор тадбир ўтказдилар. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Тезкор тадбир давомида Д. Хамрабаева Тошкент вилояти, Тошкент туманида жойлашган "Қоплонбек" ЙПҲ масканида У.Мўминова, Н.Мансурова, Л.Турсунова ва Р.Иброҳимоваларни фоҳиша сифатида ишлатиш мақсадида Қозоғистон орқали Туркиянинг Истанбул шаҳрига юбормоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми "б,е" бандлари (одам савдоси, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда Д.Хамрабаевага нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.