ТОШКЕНТ, 1 ноя – Sputnik. Новосибирск вилоятидаги бозорларда бўлган Ўзбекистон делегациясининг кузатишлари ва ўрганишлари давомида ҳудуддаги бозорларда савдо қилаётган савдогарларнинг 60 фоиздан ортиғини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши маълум бўлди.
Асосан Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ёшларидан иборат савдогарлар билан Ёшлар Иттифоқи етакчиси мулоқот қилди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаш раиси бошчилигидаги 21 кишилик Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерациясига сафари бошланди.
Делегация Новосибирск вилоятида бўлиб, ҳудудда яшаётган ўзбекистонлик ёшларнинг иш жойлари, яшаш шароитлари билан танишди. Новосибирск вилояти губернатори, ҳукумат вакиллари, ёшлар ташкилоти раҳбарлари, иқтисодиёт соҳаси бўйича масъул ходимлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бугунги кунда вилоятда истиқомат қилаётган ёшларнинг муаммолари ўртага ташланди. Уларга муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш бўйича икки томонлама келишув белгиланди.
Сафар 9 ноябрга қадар давом этади.