ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik. Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаш раиси бошчилигидаги 21 кишилик Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерациясига сафари бошланди. Бу ҳақда Марказий кенгаш раиси Қаҳрамон Қуронбоев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Делегация таркибидан Ўзбекистон президенти Девони, Миллий хавфсизлик хизмати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик, Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари ўрин олган.
Кеча делегация Новосибирск вилоятида бўлиб, ҳудудда яшаётган ўзбекистонлик ёшларнинг иш жойлари, яшаш шароитлари билан танишди. Ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Бугун Новосибирск вилояти губернатори, ҳукумат вакиллари, ёшлар ташкилоти раҳбарлари, иқтисодиёт соҳаси бўйича масъул ходимлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бугунги кунда вилоятда истиқомат қилаётган ёшларнинг муаммолари ўртага ташланди. Уларга муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш бўйича икки томонлама келишув белгиланди.
Расмий маълумотларга қараганда, айни дамда Новосибирскда тахминан 12,5 минг нафар ўзбекистонлик ватандошлар истиқомат қилади.
Ишчи гуруҳ Россия Федерациясида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиш, Ёшлар иттифоқининг Россия Федерацияси ҳудудида бошланғич ташкилотини тузиш, ўзбекистонлик ёш меҳнат мигрантларининг фаолияти, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, ноқулай шароитларда меҳнат қилаётган йигит-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича тегишли кўмак бериш каби мақсадларни амалга оширади.
Учрашувларда иштирок эта олмайдиган ёшлар Тelegramдаги https://t.me/xorijdagiyoshlar каналида мурожаат қолдиришлари мумкин.