ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Баку халқаро денгиз савдо портида Баку — Тбилиси — Карс (БТК) темир йўли очилиш маросими ўтказилди, деб хабар қилди Sputnik Озарбайжон.
Очилиш маросимида Озарбайжон президенти Илхом Алиев ва унинг рафиқаси Мехрибон Алиева, Туркия президенти Раджап Тайиб Эрдўғон ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўғон, шунингдек, Қозоғистон, Грузия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари — Бакитжон Сагинтаев, Георгий Квирикашвили ва Абдулла Арипов қатнашди.
Очилиш маросимида Озарбайжон президенти Илхом Алиев нутқ сўзлади. У БТК темир йўл очилиши билан иштирокчиларни қутлади. Анжуманда Туркия, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон бош вазирлари, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон вакилларини иштирок этиши лойиҳанинг моҳиятидан далолат бермоқда.
"Баку-Тбилиси-Карс темир йўли — Европа ва Осиё ўртасида энг ишончи ва қисқа йўлдир. Кўпчилик ушбу лойиҳанинг муваффақиятли бўлишига ишончсизлик билан қарашган, лекин Озарбайжон, Туркия ва Грузия буни амалга оширишга муваффақ бўлишди", — деб таъкидлади президент Алиев.
Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили сўзларига кўра, бугунги ушбу минтақа турли таҳдидларга дуч келмоқда. Шунингдек, Баку — Тбилиси — Карс лойиҳаси барқарорликка интилган бўлиб, унга алоҳида диққат билан эътибор берилишига лойиқдир.
Шу билан бирга, Грузия бош вазири Озарбайжон, Грузия ва Туркия ҳалқаро юк ташишларни ривожлантирадиган янги транспорт лойиҳаларига эътибор берилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Туркия президенти ўз нутқида, бугунги кунда Шарқ — Ғарб ва Янги Буюк ипак йўлининг муҳим транспорт тармоғининг очилганлигини айтиб ўтди.
"Мен бу лойиҳа минтақага ва халқларимизга фойда келтиришини тилайман", — деди президент Эрдўғон.
Баку — Тбилиси — Карс темир йўли Озарбайжон-Грузия-Туркия давлатлараро битим асосида қурилган. 2008 йилда лойиҳани амалга оширишга киришилган. Лойиҳа доирасида Грузиянинг Ахалкалаки станциясидан Карс шаҳридаги темир йўл станциясигача бўлган темир йўл қайта тикланди. Йўлнинг умумий узунлиги — 826 кмни ташкил қилади.
Ахалкалаки — Карс қисми йўлнинг 105 кмни ташкил қилади. Улардан 76 км Туркия ҳудудидан, 29 км Грузия ҳудудидан ўтади. Шу билан бирга, Ахалкалаки — Тбилиси темир йўл қисми реконструкция қилинди.
Темир йўлни фойдаланишга топшириш туфайли Озарбайжон, Грузия ва Туркия ўртасида ташқи савдо айланмасини йилига 10 млрд долларга етказиш кўзда тутилган.
Янги темир йўл орқали йилига миллион йўловчиларни ва 6,5 миллион тонна юк ўтказиш имконияти мавжуд. Келгусида ушбу кўрсаткичлар йўловчилар — 3 миллион ва юклар — 20 миллион тоннага етказилади.