ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Яқин кунларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова жиноят иши бўйича Тошкент шаҳрида суд эшитувлари бошланади, деб хабар қилган хориж ОАВларига таянган ҳолда "Қалампир" нашри.
Ўзбекистон томонидан хабар берилишича, яқин кунлар ичида Тошкентда Гулнора Каримова ишига оид суд эшитуви ўтказилади ва шу сабаб швейцариялик терговчилар у билан кўриша олмайдилар.
Ҳозирча бу ҳақда бошқа маълумотлар келтирилмаган. Қайси судда эшитув ўтказилиши ва Гулнора Каримова қаерда эканлиги номаълум.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.
Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.