Ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами ҳам ўтди. Аммо бир савол очиқ қолди: Ўзбекистонда милиция аслида милициями ёки бошқа номи борми?
Милиция сўзи XX асрнинг бошланишига қадар "кўнгиллилар қўшини" мазмунини берган. Ҳуқуқ-тартибот органига мос келмаслиги сабабли ундан воз кечилди. Ва бу қарорни "тўғри" дея баҳолаганлар ҳам кўп бўлди.
Шу билан бир вақтнинг ўзида илгари "милиция", деб аталган тузилма буткул тарқатиб юборилган ҳам эмас. "Ички ишлар органи", деган тушунчани "милиция" сўзи ўрнида ишлатишга уринишмоқда. Лекин самарасиз.
Биринчи — ижтимоий жиҳати: халқ бу иборани қабул қилмайди. Кўча-кўйда, рўпарангдан биров важоҳат билан чиқса, "ички ишлар органи ходими, ёрдам!", деб бақириб бўлмайди-да. Гап якунига етгунча, масала ҳал бўлиши мумкин…
Иккинчи — ҳуқуқий томони: бу икки тушунча бир нарсани ифодаламайди. Ички ишлар органи — кенг тушунча. У ўз таркибига нафақат милицияни, балки таъминот органлари ва бошқа қатор йўналишларни мужассам қилади. Милиция эса — криминал ва жамоат хавфсизлиги тузилмаларидан иборат.
"Ички ишлар органи" — бу маъмурий бошқарув органи эмас, бевосита халқ билан ишлайдиган, одамлар ҳар кун юзма-юз келадиган ташкилот. Номи бу қадар айтиб бўлмас даражада эмас, балки халққа яқин, аниқ ва лўнда бўлиши керак.
Деярли бутун дунёда жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши кураш тизимлари — "полиция", деб аталади. Марказий Осиё давлатларини мисол тариқасида оладиган бўлсак, қўшни Қозоғистон ва Туркманистонда ушбу тизим — полиция, Қирғизистон ва Тожикистонда эса милиция деб аталиб келинмоқда.
Балки Ўзбекистонда ҳам полиция деб аталса бўлар? Ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тўғри, ҳм қулоққа таниш, қолаверса шошганда ҳам тилга яхши тушади.
Айтганча, яна бир гап, "Ички ишлар органлари куни" байрами баҳонасида интернет маконида "ички ишлар органлари ходимларига жамоат транспортидан текинга фойдаланиш бекор қилинди" деган мазмундаги хабарлар тарқалди.
Ҳайронсан, ахборот деганлариям шунчалар кеч эълон қилинадими? Бу имтиёз Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августдаги "Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуни билан аллақачон бекор қилинган ахир.