ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Tashkent City халқаро бизнес маркази лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент қурилиш участкасида ушбу замонавий марказ лойиҳалари ва режалари билан танишди. Буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни муҳокама қилди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Tashkent City халқаро бизнес маркази пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади.
Ҳозирги кунда ҳудудни қурилишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Марказни лойиҳалаштириш ва қуришга Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, чет эллик инвесторлар жалб этилмоқда.