Президент хусусийлаштирилган корхоналар эгаларини танқид қилди

© Пресс-служба президента РУзПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мутасаддиларга мулк эгалари билан биргаликда ишламай турган 1200 объект фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳалар ва "йўл харитаси" ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш юзасидан топшириқлар берилди

ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. 27 октябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги сифат даражасига кўтариш, хусусийлаштирилган тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Скрепление печатями - Sputnik Ўзбекистон
Хусусий корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси низоми тасдиқланди

Йиғилишда президент вилоятларга ташриф чоғида хусусийлаштирилган корхоналар эгалари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани, корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослашган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилмаётгани, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга замонавий технологиялар жорий этмаётганини танқид қилди.

Бу борада илгари хусусийлаштирилган қарийб 40 минг объект ўрганилиб, уларнинг 3 минг 900 таси бўш тургани ёки тўлиқ ишлатилмаётгани аниқланган. Ушбу объектларнинг 2700 таси фаолиятини қайта тиклаш ёки улар негизида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш бўйича лойиҳалар ва "йўл харитаси" ишлаб чиқилган.

Ушбу лойиҳалар доирасида 2,7 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Бугунги кунгача 420 корхона фаолияти қайта тикланди, йил якунигача яна 1800 объектда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилади.

Йиғилишда давлат қўмитаси томонидан бажарилган ишлар таҳлил қилинар экан, корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш, коммуникация тармоқларига уланиш ва тижорат банкларидан кредит ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича қилинаётган ишлар қониқарсиз, деб баҳоланди.

Промзона «Чирчик» - Sputnik Ўзбекистон
Чирчиқ, Янгийўл ва Чиноздаги 80дан ортиқ бўш турган объектлар ишга туширилади

Мутасаддиларга мулк эгалари билан биргаликда ишламай турган 1 минг 200 объект фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳалар ва "йўл харитаси" ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.

Жорий йилда 408 давлат объекти хусусий мулкдорларга сотилган. Уларнинг 278 таси 1,6 триллион сўмлик инвестиция киритиш ва 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш шарти билан "ноль" қийматида берилган.

Бугунги кунда яна 388 давлат объекти сотувга қўйилган бўлиб, уларнинг 161 тасини "ноль" қиймат бўйича бериш режалаштирилган.

Йиғилишда хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ва молиявий-иқтисодий аҳволини мониторинг қилиш, уларни кредит ва моддий ресурслар билан таъминлаш, мавжуд муаммолар ва уларнинг сабабларини аниқлаш, муҳандислик ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш, бозор топишда тадбиркорларга амалий кўмак бериш масалаларига давлат идоралари томонидан етарлича эътибор қаратилмаётгани таъкидланди.

Рақобат муҳити ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, биржа фаолиятини лицензиялаш, замонавий кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳага энг ривожланган давлатлар тажрибасини татбиқ этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев мавжуд камчиликларни бартараф этиш, истиқболга белгиланган вазифалар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди.

Янгиликлар лентаси
0