ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Норматив ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида "Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва ишга жойлашишда алоҳида қийинчиликларга дуч келадиган шахслар учун иш ўринларни саралаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарор лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тайёрланган.
Қарор талабларига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар учун 10 фоиз миқдорда иш ўринларини олиб қолиш мажбурияти корхона ва ташкилотларга юклатилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларга иш ўринларини олиб қўйиш тартиби 20 нафардан ортиқ ишчиси бўлган корхоналарда амалга оширилади.
Ҳужжатда корхона ва ташкилотлар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, ишга жойлашишда алоҳида қийинчиликларга дуч келадиган шахслар, шунингдек меҳнат бозорида ҳамма билан тенг рақобат қила олмайдиган шахслар учун бўш иш ўринларини олиб қолиш вазифалари қайд этилган.
Ижтимоий ҳимоя қилинишга муҳтож бўлган шахслар тойифасига ногиронлар, ёлғиз ва кўп болали ота-оналар, махсус таълим муассасалар битирувчилари, ҳарбий хизмат ўтаб келган шахслар, жазони адо этиш муассасаларидан озод этилган шахслар, шунингдек одам савдоси жабрдийдалари киради.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси 2017 йил 9 ноябрига қадар муҳокама қилинади.
Қарорни 2017 йил 1 декабрдан кучга киритиш кўзда тутилмоқда.
Қарор лойиҳасини ўқиб, у ҳақдаги таклифларни билдириш мумкин.