ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Фейсбук ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Тойиб Эрдўғон билан биргаликда ўтказган матбуот-анжуманида залда тўпланганларни лол қолдиргани акс эттирилган видеолавҳа эълон қилинди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Мирзиёев Самарқанд-Истанбул рейсини март ойига қолдирмасдан, шу йилнинг октябр-ноябр ойларида йўлга қўйишни таклиф қилди.
"Залда ўтирган энг катта иккита авиакомпания раҳбарлари ахборот воситалари ходимларини Ўзбекистонга бепул юборамиз, деб ваъда берсалар, турк ахборот воситалари ходимлари биринчи бўлиб Самарқанд ва Бухорога бориб келишса, йўл очилади. Ўртоқ Розуқулов (Ўзбекистон миллий авиакомпанияси раҳбари, таҳр.), айт, залда ўтирган оммавий ахборот воситалари раҳбарларини уч кун-бир ҳафта Ўзбекистонда бепул меҳмон қиламан, деб ваъда бер", — деди Ўзбекистон президенти Розуқуловга мурожаат қилиб.
Таржимон Туркия авиакомпанияси раҳбари Басим-бейга Ўзбекистон президенти таклифини таржима қилгач, Басим-бей "Турк матбуот вакилларини Ўзбекистонга текин олиб бориб, олиб келиш мажбуриятини ўз зиммамга оламан", деб ваъда берди.