ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий ўқув юртлари раҳбарларидан ташкил топган Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги делегацияси 23 октябрдан 1 ноябргача АҚШда ташриф билан бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда билдирилишича, делегация таркибидан Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалик институти ректорлари, шунингдек, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Самарқанд қишлоқ хўжалик институти раҳбарияти ўрин олган.
Ташрифдан мақсад Американинг илғор технологиялари ва инновацияларини мамлакат агросаноат мажмуасига жорий этиш соҳасида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, университетлараро ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда бир қатор учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтадиган музокараларда Ўзбекистон делегацияси қишлоқ хўжалигига Америка сармояларини жалб қилиш, ушбу соҳадаги мутахассисларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШга етказиб бериш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион ва амалий қишлоқ хўжалиги фани соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилади.
Делегация шунингдек, Мичиган штати университети ва Огайо штати университетига ташриф буюради. Ташрифлар доирасида университетлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.