ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. XIII халқаро пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркаси давомида Ўзбекистон тайёр ва ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотлар экспортига оид 1 млрд доллардан ортиқ шартномалар имзолади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Энг йирик қийматли шартномалар Россия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур ва Молдова давлатлари билан имзоланди. Хорижий компания вакиллари Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари сифати ва нархини юқори баҳолашди. Шу билан бирга шартномалар имзолаш давом этмоқда ва имзоланган шартномалар бўйича аниқ рақамлар ярмарка якунида эълон қилинади. Пахта толаси борасида имзоланган шартномалар қийматлари ҳам ярмарка охирида эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили бўлиб ўтган халқаро пахта ярмаркаси доирасида Ўзбекистон 1,32 млрд долларлик шартномалар имзолаган эди. Бу йилги халқаро пахта ярмаркасига дунёнинг 50 мамлакатидан 1500 дан ортиқ мутахассислар келишган.