ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. Тошкентда уч нафар Бангладеш фуқаросига нисбатан босқинчилик содир этилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
"22 октябрь куни тахминан соат 01:00 ларда Дилдора Рустамова, Фарҳод Жомалов ва уч нафар номаълум шахслар босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида уч нафар Бангладеш Халқ Республикаси фуқароларига ҳужум қилишган", — деб маълум қилди Тошкент ШИББ матбуот хизмати.
Жиноятчилар хорижликларни пичоқ билан қўрқитиб, уларга тегишли бўлган жами баҳоси 4400 доллар бўлган мол- мулклари, шунингдек 700 доллар ва 500 минг сўм миқдоридаги пулларини эгаллаб олиб, жиноят жойидан яширинганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми "б,в" банди (босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, анча миқдордаги ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Тошкент шаҳри Миробод туманида Зуҳриддин Ҳасанов исмли шахс Жанубий Корея фуқаросини тунаганди.