ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Сурия шарқидаги Меядин шаҳрида суриялик ҳарбийлар ишғол қилган "Ислом давлати" террорчиларига тегишли йирик омборда НАТОнинг энг замонавий қурол-яроғлари топилди, деб маълум қилди Сурия армияси генерали Ҳасан Сухайл журналистларга.
Сурия ҳарбийлари Россия ҲКК қувватлови остида ИД террорчиларига қурол-яроғ ва бронетехника сақланадиган йирик омборни қўлга киритишди. Омбор Сурия шарқидаги Меядин шаҳрида жойлашган, деб ёзади РИА Новости.
"ИД жангарилари қочаётиб ташлаб кетган бу қуролларни ташиш учун бизга камида олти кун керак бўлади. Бу ерда жуда кўплаб қуроллар ва турли алоқа воситалари бор", — деди Сухайл.
Меядин омбор ва устахоналардан ташкил топган логистика маркази бўлган. Шаҳар озод қилинганидан сўнг суриялик ҳарбийлар ўқотар ва танкка қарши қуроллар, артиллерия мосламалари ва снарядлар, қўлбола миналар, шунингдек, террорчилар илгари эгаллаб олган Ироқ армиясига тегишли танк ва зирҳли машиналарни қўлга киритишди.
Сурия ҳарбийлари журналистларга Меядинда қўлга киритилган сунъий йўлдош алоқа тизимлари, радиолокация қурилмалари, тиббий ускуналар, учувчисиз қурилмалар ишлаб чиқариладиган цехни ҳам кўрсатишди. Террорчиларга тегишли бўлган аслаҳаларнинг аксарияти НАТОга аъзо давлатларда фойдаланиладиган қуроллардан иборат. Хусусан Меядиндаги омборда 2011 йилда Британияда ишлаб чиқарилган 155 миллиметр калибрли гаубица ҳам топилди.
"Биз НАТО мамлакатлари фойдаланадиган, АҚШ, Бельгия ва Буюк Британияда ишлаб чиқарилган замонавий қуролларни қўлга киритдик",— деди Сухайл.
Меядин Дайр-аз-Зор маъмурий марказидан 40 километр жануби-шарқда жойлашган. Яқин вақтгача Меядин Сурия шарқидаги террорчиларнинг мустаҳкам жойлашган шаҳри бўлиб, ИД "пойтахти" мақомини олганди.