ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. Тошкентда 24 октябр куни ипакчиликка бағишланган йирик илмий техник конференция бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон Ипакчилик институтининг 90 йиллигига бағишланган тадбирнинг асосий мавзуси сифатли ва рақобатбардош хом-ашё ишлаб чиқариш бўлади.
Ушбу тадбир ўтказишдан асосий мақсад – илмий жамоалар ва ипак етиштирувчилар орасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ва ипак қурти ва тут кўчатлари сифатини ошириш, пиллани қайта ишлаш жараёнини чуқурлаштириш ва чиқиндисиз маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир.
Ташкилотчилар хабарига кўра, форумда Япония, Ҳиндистон, Озарбайжон, Хитойлик мутахассислар, шунингдек дунёнинг етакчи пиллачилик корхоналари вакиллари ҳам иштирок этишади.
Форумда, шунингдек, “Ўзбекипаксаноат” билан ҳамкорлик қилаётган ва биргаликда қўшма корхона ташкил қилган компания вакиллари ҳим иштирок этишади. Улар орасида Silk expert proceeding, Samarkand Tian Zhu Silk Worm, Huashen Silkworm Pro, Andijan Silk Co ва бошқалар бор.
Ипак матолардан тикилган ўзбек миллий либослар намойиши Форумнинг безаги бўлиши кутилмоқда.