ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Санкт-Петербургда ноқонуний миграция ташкил этган 11 киши ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда "Фонтанка" нашри.
Оператив ходимлар ноқонуний миграция ташкил этиш ҳолати юзасидан 31 август куни олти ўзбекистонлик қўлга олинганидан кейин қўзғатилган жиноий иш доирасида шаҳардаги 15 офис ва хонадонда тинтувлар ўтказди.
Рейдлар давомида қўлга олинган беш нафар ўзбекистонликлардан 14 компьютер, 27 мобил телефон, 100дан ортиқ паспорт, олтита муҳр, 2,2 миллион рубл, беш минг доллар, 800 евро ва 400 минг сўмга яқин пул топилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар шунингдек, патентлар, тиббиёт дафтарлари ва бошқа ҳужжатларни ҳам мусодара қилишган.
Шундай қилиб, 21 октябрь куни эрталаб жиноий иш бўйича қўлга олинганлар сони 11 нафарга етди.
Терговчилар уларни 2017 йилнинг январидан "Сервис" МЧЖ номидан хориж фуқароларини миграцион рўйхатдан ўтказишда гумон қилишмоқда. Май ойи бошига қадар улар 299 кишини ноқоуний миграцион рўйхатдан ўтказишган.