ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Ўзбекистон қўшин разведкаси вакиллари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида бўлиб ўтган "Кембрия патрули" халқаро танловида иккинчи ўринни олишди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон вакиллари 29 давлатдан келган 139 жамоа иштирокидаги танловда илк бор қатнашишди. Мазкур танлов 40 йилдан буён ўтказиб келинади.
"Кембрия патрули" танлови энг қийин ва нуфузли мусобақа саналиб, унда ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилиши туфайли уни махсус бўлинмаларга қабул қилиш жараёни билан қиёслашади.
Кембрия тоғлари жуда оғир иқлим шароити билан ажралиб туради. Кундузи қуёш деярли кўринмайди, ҳар замон ёмғир шиддат билан ёғади, ҳудуди ботқоқлик ва ўрмондан иборат, ўтишга қийинчилик туғдиради. Шу боис танловда иштирок этаётган кўплаб жамоалар финалга етиб бора олмай, мусобақани тугашидан олдин тарк этишади.
Танловда ўзбекистонлик разведкачилар қурол-аслаҳаларни тақиб, навигация воситаларисиз Кембрия тоғлари бўйлаб 25 кг. юк билан 65 км. масофага пиёда марш юриш, 1000 метрдан юқори баландликлар ва 750 метр пастликлардан ўтишни амалга оширишди.
Марш юриш давомида жамоалар тоғли ва сув тўсиқларидан ўтиш, ҳудуд разведкасини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар операцияларни амалга ошириш, шартли ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ноқонуний кучлар томонидан гаровга олинганларни озод этиш, мураккаб тоғли ҳудудларда пистирмаларни ташкил этиш каби вазифаларни бажарди.
Танлов якунига кўра Ўзбекистон қўшин разведкачиларидан иборат жамоа Италия жамоаси билан бирга иккинчи ўринни қўлга киритди. Биринчи ва учинчи ўринлар Буюк Британия ҳарбийларига насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистон қўшин разведкачиларининг биринчи муваффақияти эмас. Илгарироқ улар шу йилнинг 29 июль – 12 август кунлари Новосибирск шаҳрида (Россия) бўлиб ўтган III Халқаро армия ўйинлари доирасида "Қўшин разведкаси аълочилари" танловида учинчи ўринга сазовор бўлишган эди.