ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Бектемир туманида жойлашган "Бектемир" ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан кинология хизмат ити иштирокида "Нексия" русумли машина тўхтатилиб текширилди.
Унинг йўловчиси Бахтиёр Агзамовнинг ёнида оғирлиги 3 килограмм 656,4 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми "а" банди (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сақлаш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.