ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистонда Поп–Наманган–Андижон темир йўлини электрлаштириш 2021 йилда якунига етади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Ўзбекистон президенти умумий қиймати 202 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тасдиқлади.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 80 миллион долларлик кредити, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 72,9 миллион долларлик ўз маблағлари ва "Ўзбекэнерго"нинг 11,22 миллион долларлик маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати 38,72 миллион долларни солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишида тақдим этади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Фарғона водийсининг асосий шаҳарларини пойтахт ва бош қа вилоятлар билан боғлаб, юк ва йўловчи ташиш самарадорлигини оширади. Бундан ташқари, мазкур йўл Хитой ва Жанубий Кореядан Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига олиб борадиган янги халқаро транспорт йўлагининг муҳим қисмига айланади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, электрлаштирилган темир йўлларга ўтиш натижасида ҳавога чиқадиган углекислород гази 10 минг тоннага қисқаради. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа якунига етгач, темир йўлда юк ташиш айланмаси йилига 962,6 миллион тонна-километрга, йўловчи ташиш ҳажми эса 32 миллиард йўловчи-километрга ошади.
Республикада темир йўлларининг узунлиги 4,2 минг километрни ташкил этиб, шундан минг километрга яқини электрлаштирилган. Мамлакат ичидаги юк ташиш ҳажмининг 60 ҳамда экспорт ва импорт юклари ташиш ҳажмининг деярли 80 фоизи темир йўл транспортига тўғри келади.