ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Адлия вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлигининг автомототранспорт воситалари гувоҳномалари ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномалари учун тўловлар ставкалари давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.
Мазкур гувоҳномаларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш харажатларини инобатга олиб, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 %и миқдорида (104 842 сўм 50 тийин), шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида (104 842 сўм 50 тийин) тўлов ундирилиши белгиланди.
Янги намунадаги гувоҳномалар махсус ҳимоя воситаларига ҳамда маълумотларни бевосита алоқасиз амалга ошириш имконини берувчи махсус электрон белгиларига (NFC Смарт-карт) эга бўлиб, уларда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР), юридик шахслар учун эса солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) сақланади.
Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади.
Амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2017 йил 1 октябрь — 2018 йил 31 декабрь даврида ихтиёрий равишда, 2019 йил 1 январь — 2020 йил 31 декабрь даврида- мажбурий тартибда амалга оширилади.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017 — 2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.