ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар доирасида Ўзбекистон халқ артистлари иштирокида гала-концерт ташкил этилади. Бу ҳақда "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабар қилинишича, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров раислигида бўлиб ўтган Ўзбекистон халқ артистлари клубининг йиғилишида Клубнинг асосий вазифалари, чора-тадбирлари кенг муҳокама қилинди.
Истеъдодли ёш хонандаларнинг касбий ва маънавий камол топишига имкон яратиш, уларнинг малака ошириши, тарбиялаш, шоир-бастакор-ижрочи учлиги доимий ҳамкорликда иш олиб боришига кўмаклашиш,ўз иқтидорини намоён этиши учун зарур ташкилий масалаларни ҳал этиш, бозор муносабатлари шароитида яккахон ижрочилар ва ижодий жамоалар фаолиятига кўмаклашишга доир вазифалар ҳақида фикр юритилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигини кенг нишонлашга бағишланган тадбирлар доирасида Ўзбекистон халқ артистлари иштирокида гала-концерт ташкил этиш таклифи бир овоздан маъқулланди.