ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров бугун Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги маълум қилди.
Ташриф Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошланди. Қабр олдида таомилга кўра, Қуръони карим тиловат қилинди.
Мартабали меҳмон марҳум президент дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилаётган мажмуада олиб борилаётган ишлар Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, Рамзан Қодиров Имом Бухорий мажмуасига ташрифи асносида Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этар экан, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Қуръони карим оятларидан ўқилиб, дуо қилинди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътиборни юксак баҳолади.
Меҳмонлар ташриф давомида "Хўжа Дониёр" зиёратгоҳи, буюк саҳоба Қусам ибн Аббос (р.а.) мангу қўним топган "Шоҳи Зинда" мажмуаси ва "Регистон" ансамблини ҳам зиёрат қилишди.