ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров отаси марҳум Аҳмад ҳожи Қодиров таълим олган Тошкент ислом институтида бўлди, деб хабар қилди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот-хизмати.
Қодиров Тошкент шаҳрига сафарини "Шайх Зайниддин" жомеъ масжидидан, устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрини зиёрат қилиш билан бошлади.
Шундан сўнг Рамзан Қодиров отаси марҳум Аҳмад ҳожи Қодиров таълим олган Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Рамазон Қодиров — Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров бошлаган тинчлик ва бунёдкорлик сиёсатининг муносиб давомчисидир.
Аҳмад ҳожи Қодиров 1980-йилларда Тошкент ислом олий маъҳадида ўқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан бевосита таҳсил олган ва умрининг охиригача содиқ шогирдлардан бўлиб қолган эди. Муфтий Аҳмад Қодиров чечен халқи бошидан кечирган энг оғир кунларда халқининг дини, мустақиллиги ва тинчлиги учун жон фидо қилгач, Рамзан Қодиров отасига муносиб ўринбосар бўлди.
Рамзан Қодировнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи 2 кун давом этади. Сафарининг иккинчи кунида Чеченистон раҳбари Самарқанд ва Бухоро вилоятларида бўлиши режалаштирилган.