Фарғонада фуқаролар ўқотар қуролларни ихтиёрий тарзда ИИБга топширмоқда

Oбуна бўлиш
Муомалада бўлган рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи модда ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органлари ихтиёрига топшириш қоидалари тасдиқланди

ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Фарғона вилояти ИИБ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва портловчи моддаларни қонунга ҳилоф равишда муомаласига қарши курашиш бўйича кенг жамоатчилик билан ўтказилган профилактик ва тарғибот-ташвиқот огоҳлантирув чора-тадбирлари натижасида, бир қатор фуқаролар ўз ихтиёрлари билан ўзларида сақланаётган қуролларни топширдилар.

Шахсий ҳимоя мақсадида ўқотар қурол олиб юришга рухсат берилмайди - ИИВ
Жумладан, Бувайда туманида яшовчи Д.А. марҳум отасидан қолган бир дона бир стволли 32 калибрли ов қуролини, Қўқон шаҳрида яшовчи Х.Р. марҳум отасидан қолган бир дона бир стволли 16 калибрли ов қуролини, Фарғона шаҳрида яшовчи Д.И. бир дона "ИЖ" русумли уч стволли 16,7-7 калибрли ов қуролини, Қўштепа туманида яшовчи Б.Ф. бир стволли "ИЖ-17" русумли 16 калибрли ов қуроли, бир дона патрон, икки дона гильза, 20 гр. порох ва сочма ўқларини, Фарғона туманида яшовчи Н.Н. "ТОЗ-16" русумли икки стволли ов қуролини, Ёзёвон туманида яшовчи Ю.С. Испанияда ишлаб чиқарилган қуролни, Фарғона туманида яшовчи И.У. "ТОЗ-16" русумли икки стволли ов қуролини ўз ихтиёрлари билан ички ишлар органларига топширганликлари учун жавобгарликка тортилмадилар.

Бироқ, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ноқонуний равишда ўзларида сақланаётган қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва портловчи моддаларни ихтиёрий равишда топширмаслик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган А.Ж.нинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари холислар иштирокида текширилганда, "ТОЗ-8" русумли милтиқнинг 352 дона патронлари, ПМ 9мм қуролининг 2 дона патрони, 2 дона пахтавон патрон(холостой)лар борлиги аниқланди.

Шунингдек, Бешариқ туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган Қ.М.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида текширилганда, хонадоннинг том қисмига яшириб қўйилган, марҳум отасига тегишли 16 калибрли икки стволли ов қуроли борлиги аниқланди.

Иккала ҳолатда ҳам қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар ашёвий далил тариқасида олинган ва А.Ж. ва Қ.М.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ИИВ ноқонуний муомалада бўлган ўқотар қурол, унинг ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига топшириш қоидалари давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида расман ахборот берди.

Самарқанд вилоятида қурол-яроғлар яширилган ўра топилди
Таъкидланишича, фуқаролар ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса, яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органига мурожаат қилиши керак. Агар фуқаро олис ва ўтиш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшаса, шунингдек ёши, соғлиғи ҳолати, оилавий ёки ўзга ҳолатлар сабабли ички ишлар органига бориш имконига эга бўлмаса, ўқотар қуролни бевосита профилактика инспекторига топшириши мумкин.

Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини бевосита фуқаролар томонидан ички ишлар органларига, ўзга давлат органлари ва ташкилотларга, профилактика инспекторларига ёки бошқа ички ишлар органлари ходимларига топширилишига йўл қўйилмайди. Бунда, мурожаат қилган фуқаро уларнинг айнан қаерда эканлигини (квартира, уй, иншоот, транспорт воситаси) маълум қилади. Ички ишлар органининг мутахассиси жойга чиқиб ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини хавфсиз олиб кетилишини таъминлайди.

Ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод қилинади.

Янгиликлар лентаси
0