ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Тошкент вилояти божхона бошқармаси "Ғишткўприк" чегара-божхона комплекси ходимлари қоракўл териларини ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган шахслар фаолиятига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Қўшни давлатга йўл олган Ўзбекистон фуқароси А.Зиямухаммедов божхона назоратидан ўтиш давомида ёнида ортиқча буюмлар йўқлигини маълум қилади. Аммо, унга тегишли юклар назорат-рентган аппаратидан ўтказилганда божхона ходимларида шубҳа йўғотди.
Шундан сўнг ушбу юклар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмасдан туриб 20 дона қоракўл териларини яширин равишда олиб чиқишга урингани аниқланди.
Шу билан бирга айни шу куни яна бир Ўзбекистон фуқароси Т.Мажидовнинг ҳам худди шундай уринишига чек қўйилди. Ушбу фуқаро ҳам божхона назоратидан четлаб ўтиб, 25 дона қоракўл териларини олиб чиқиб кетмокчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.
Олий навли ушбу қоракўл териларининг умумий баҳоси дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 13,5 миллион сўмни ташкил қилар экан.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 25 майдаги "Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатдошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ 2017 йил 1 июнидан бошлаб қоракўл терисининг экспортига қўйилган таъқиқ олиб ташланди. Хўжалик субъектларига Ўзбекистон президентининг ёки ҳукуматининг қарори асосида қоракўл териларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.