ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Бугун Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи талабаси Жасур Иброҳимовнинг ўлими юзасидан еттинчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Суд мажлисида марҳум Жасурнинг дўсти Фирдавс Фарҳод ўғли кўрсатма берди.
Эслатиб ўтамиз, олтинчи суд мажлисида гувоҳлик берган Дилшод Абдуллаев жанжалга Жасур унинг тутинган синглиси Габриэлага гап отиб, тегажоғлиқ қилиб юрганини эшитгач, у билан "эркакчасига" гаплашиб олишни мақсад қилгани сабаб бўлганини билдирганди.
Бугун судда кўрсатма берган Фирдавс Дилшод аслида ёлғон кўрсатма берганини маълум қилди.
Фирдавснинг айтишича, 2 май куни Жасур 1-курс талабаси бўлган Земфира исмли қизнинг олдига борган ва у билан танишмоқчи бўлган. Қиз дастлаб унга рўйхушлик бергандек бўлган, сўнгра эса "акамга айтаман" деб Дилшод Абдуллаевни чақирган.
Шундан сўнг Дилшод Жасурни яккама-якка гаплашиб олишга чақирган ҳамда Ислом ва бир гуруҳ йигитлар ҳам у билан бирга тўпланишган. Фирдавснинг кўрсатма беришича, Дилшод ва Жасур олдинда кетишаётганида Ислом йигитларнинг ичида туриб Жасурни "Он больной" деб атаган ва калака қилиб кулган.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Абдуллаев суд давомида прокуратурада берган кўрсатмаларининг кўпини ўзгартирган, хусусан,олдинроқ Исломбек "Он больной деди", деб маълумот берган бўлса, кейин мен бундай деб айтмаганман, Исломбек "Жасурнинг травмаси бор", деган деб туриб олганди.
Фирдавсдан сўнг Жасур олиб борилган шифохонада ишлайдиган ҳамшира Сиддиқованинг кўрсатмалари тингланди.
Ҳамширанинг айтишича Жасур жанжал тугай деб қолганида кимдир орқасидан келиб, тепки аралаш дўппослаб кетганини, кейин йигитлар кўпчилик бўлиб уни калтаклашгани ҳақида гапириб берган. Жасур ўшандан сўнг "ҳушимни йўқотдим", деб айтган.
"Нега бу ҳақда илк тергов давомида кўрсатмаларингизда маълум қилмадингиз", — деган саволга Сиддиқова "Мен бу ҳақда илк тергов даврида ҳам айтиб бермоқчи бўлдим, аммо бош терговчи "ишни тезлаштир, қолганини судда гапирасан" деявергач, мени сўроқ қилиб турган киши сўзларимни охиригача тингламади, деди у.
Шунингдек, ўша куни воқеа жойидан узоқ бўлмаган ҳудудда таъмирлаш ишлари билан шуғулланган паркентлик ҳунарманд уста Миравло Темиров ҳам судда гувоҳлик берди.
У 3 май куни 145-мактаб ёнида жойлашган МХХ биноси олдида ишлаётган бўлган.
"Хапер сепаётгандим, 5-6 йигит асфальт кўчадан кириб келди. Олдимдан ўтишди. Кейин қарасам майкасини ечиб урушгани тайёр турган экан, биринчи ҳазиллашишаяпти, урушмаса керак, деб ўйладим. Мен ишни бошладим, бир вақт қарасам болалардан бири, кейин билсам Жасур экан (тергов давомида расмларини кўриб танидим) ерда ётибди экан. Қўлини кўтарди, шунда болалар ажратиб ташлади.
Йигитлардан бири сув олиб келиб, йиқилган болани ўзига келтирди. Кейин сал нарироққа бориб, Жасур билан Ислом бир-бири билан калла уриштириб хайрлашди”, деди Темиров.
Устанинг айтишича, уруш бошланганда Жасур билан Ислом бир-бирининг "башарасига" уриб ташлашган.
Темировнинг таъкидига кўра, икки йигит ўртасидаги уруш узоғи билан 7 дақиқача бўлган.
Маълумот учун, уста ва болалар ўртасидаги масофа тахминан 20 метрни ташкил қилган.