ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Миробод туман жиноий ишлар судида Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси Жасур Иброҳимовнинг ўлими юзасидан олтинчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Боровский коллежи талабалари Жасур Иброҳимов ва Исломбек Тўлаганов ўртасидаги уруш Жасур Иброҳимов ва Дилшод Абдуллаев ўртасида бўлиб ўтган "суҳбат"дан сўнг юз берган.
Иккинчи суд мажлисида сўроқ қилинган Тўлаганов бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берган: "Коллежда мен ўртоғим Дилшод ва Жасур нима ҳақдадир суришишаётганини кўриб қолдим. Уларнинг ёнига бориб, нима гаплигига қизиқдим. Дилшод эса менга Жасур унинг синглисига СМСлар юборганини, ва бу нарса унга ёқмаганини айтди. Мен дўстимга Жасур лат еганини айтиб, у билан тенглашиб ўтирмасликни ва уришмасликни маслаҳат бердим".
Исломбекнинг айтишича, айнан "лат еган" деган гапни Дилшодга айтгани Жасурга ёқмаган ва эртаси куни шу сабабли уруш рўй берган.
Олтинчи суд мажлисида гувоҳлик берган Дилшод Абдуллаев нега Жасур билан "орани очиқ қилгани" сабабини гапириб берди.
Дилшоднинг айтишича, ўртоқларидан Жасур унинг тутинган синглиси Габриэльга гап отиб, тегажоғлиқ қилиб юрганини эшитгач, у билан "эркакчасига" гаплашиб олишни мақсад қилган.
"Дарсдан чиққанимизда, соат 3-4ларда, Жасур йўлимдан чиқиб қолди. Мен унга Габриэльга тегажоғлик қилма, синглим бўлади, дедим. Шу пайт Ислом ёнимизга келди. Уни "травмаси бор" деди ва шу билан ўтиб кетди", — ҳикоя қилди Дилшод.
Дилшод Абдуллаев Исломбек Тўлаганов бу ҳаракатни "юзага келиши мумкин бўлган урушнинг олдини олиш мақсадида амалга оширди" дея изоҳлади.
Шу билан бирга, у жуда оғир оқибатларга олиб келган маълумотни (Габриэллага тегажоғлик қиляпти экан деган гапни, таҳр.) ким айтганини судьяга ошкор этишни хоҳламади.
Дилшод суд давомида прокуратурада берган кўрсатмаларини кўпини ўзгартирди, хусусан,олдинроқ Исломбек "Он больной деди", деб маълумот берган бўлса, айни вақтда мен бундай деб айтмаганман, Исломбек "Жасурнинг травмаси бор", деган деб туриб олди.
Исломбек Тўлаганов ҳам "мен Жасурни у "больной" деб айтмаганман", — дея Дилшоднинг олдинги кўрсатмаларни тан олмади.