ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати врач рецептисиз сотиш тақиқланган кучли таъсир қилувчи дориларни тарқатиш билан шуғулланган бир гуруҳ шахсларни қўлга олиш бўйича махсус операция ўтказди.
Куч ишлатиш тизими вакилининг Sputnik мухбирига маълум қилишича, фарғоналик фуқаролар – илгари судланган Зоҳид Масодиқов, унинг онаси, илгари тўрт марта судланган Орзу Масодиқова ва уларнинг шериги Бахтиёр Аҳмедов 1208 дона "лирика" ва 1000 дона трамадол таблеткаларини 14 миллион сўмга сотаётганида қўлга олинди.
Суриштирув чоғида Зоҳид Масодиқов ва Орзу Масодиқова мазкур дориларни Бахтиёр Аҳмедовдан кейинчалик сотиш учун сотиб олишгани маълум бўлди. Бахтиёр Аҳмедовнинг ўзи эса терговни чалғитиш мақсадида куни кеча Қўқондан келганини, дориларни Зоҳид Масодиқовнинг илтимоси билан Тошкентда Темур исмли шахсдан сотиб олганлигини айтди.
"Тезкор ходимлар Аҳмедов анча вақтдан буён Тошкентда яшашини ва пойтахтга кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб берувчилардан эканлигини аниқлашди. Унинг Миробод туманидаги яшаш жойи кўздан кечирилганида, у ерда яна 4 минг дона "лирика" таблеткаси, 43 дона трамадол таблеткаси, 96,9 миллион сўм ҳамда ҳисоб-китоб юритилган иккита дафтар топилди", — деди куч ишлатиш тизими вакили.
Махсус тадбир чоғида жами бўлиб 5208 дона "лирика" ва 1043 дона трамадол таблеткалари мусодара қилинди. Уларнинг умумий қиймати 80,2 миллион сўмдан ошади. Суриштирув чоғида Бахтиёр Аҳмедов бу дорилар учун сертификат ва уларни Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берувчи ҳужжатларни кўрсата олмади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 246- (контрабанда) ва 251- (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.