ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Сочида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, учрашув Сочи шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ саммити бошланиши олдидан бўлиб ўтди.
Путин Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш борасида ҳар икки томон фаол ишлаётганлигини қайд этди.
"Бу сезиларли натижаларни бераётганлигини қайд этмоқчиман. Агар ўтган йили ўзаро товар алмашиш ҳажми озгина пасайган бўлса, бу йил аксинча: йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида 20 фоиздан ортиқроққа ўсди. Демак, йил якунида бу кўрсаткич янада ошади", деди Путин.
Россия президенти Ўзбекистонга саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирларининг ташрифлари самарали бўлганлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган қисқа давр ичида барча соҳалардаги муносабатларда ижобий ўзгаришлар бўлганлигини эътироф этди.
"Бу бизни жудаям қувонтиради. Сиз билан эришилган барча келишувларимиз рўёбга чиқмоқда", деди Ўзбекистон президенти.
Мирзиёев бугунги учрашув ҳам ўзаро келишувлар амалга ошишига хизмат қилишини билдирди.
"Бугунги кунда биз эътибор бермаган бирорта ҳам йўналиш қолмаганлигини яна бир бор айтмоқчиман. Бир йил илгари ҳамкорлик қилаётганимиз ҳақида гапирардик, лекин товар алмашиш фақат газ соҳасида эди. Ҳозир эса аксарият соҳаларда ҳамкорлик қилинмоқда, бизнес, маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорлик буткул ўзгача тус олди", деди Ўзбекистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бугун Россиянинг Сочи шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити бўлиб ўтмоқда.